Аннотация: В статье исследованы формы земельного владения способствовавшие развитию экономики страны в эпоху Темуридов. А также в статье обоснованы основные факторы усиления распада государства Темуридов на основе исторических источников такие, как разделение земель на суюргалы, тарханы между сыновьями темуридов, беками, эмирами оказавшие негативное влияние на политические процессы в стране.
Ключевые слова: Землевладение, земельные отношения формы собственности, суюргал (земли которые дарили родственникам и близким Темуридов из государственных земель), тархон (земли которые дарили эмирам, бекам чиновникам дворца), вакуфная собственность (собственность и земли медресе, мечетей, шейхов и.т.д.), государственные земли, частные земли.
Исторические науки
УДК 00152 (575)
Каримова Мияссар Жамолиддиновна
тарих фанлари номзоди,
Ўзбекистон тарихи кафедраси катта ўқитувчиси
Тошкент педиатрия тиббиёт институти
Алимова Мухиба Музаффаровна
Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва
амалиёти кафедраси катта ўқитувчиси,
Тошкент педиатрия тиббиёт институти
Жаббарова Юлдуз Джуманиязовна
Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва
амалиёти кафедраси ўқитувчиси,
Тошкент педиатрия тиббиёт институти
(Ўзбекистон Республикаси Тошкент ш.)
ТЕМУРИЙЛАР ДАВРИДАГИ ЕР ЭГАЛИГИ
Аннотация: Мақолада Соҳибқирон Амир Темур давридаги ер эгалиги муносабатлари темурийлар даврида ҳам давом этганлиги, бу мулк шакллари мамлакат иқтисодини кўтаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилганлиги асослаб берилган. Лекин ерларни шахзодалар ўртасида суюрғол қилиб тақсимланиши, давлатнинг сиёсий жараёнларига салбий таъсир қилганлиги, бу Соҳибқирон Амир Темур давлатининг инқирозини темурийлар даврида, кучайишига олиб келганлиги тарихий манбаларга асосланиб ёритиб берилган.
Калит сўзлар: Ер эгалиги, ер эгалиги муносабатлари, мулк шакллари, суюрғол, Тархон, вақф мулки, давлат ерлари, хусусий ерлар.
Аннотация: В статье исследованы формы земельного владения способствовавшие развитию экономики страны в эпоху Темуридов. А также в статье обоснованы основные факторы усиления распада государства Темуридов на основе исторических источников такие, как разделение земель на суюргалы, тарханы между сыновьями темуридов, беками, эмирами оказавшие негативное влияние на политические процессы в стране.
Ключевые слова: Землевладение, земельные отношения формы собственности, суюргал (земли которые дарили родственникам и близким Темуридов из государственных земель), тархон (земли которые дарили эмирам, бекам чиновникам дворца), вакуфная собственность (собственность и земли медресе, мечетей, шейхов и.т.д.), государственные земли, частные земли.
Summary: The forms of landed property, promoting to development economy of the country, were researched in Temurids’ epoch. And also, the article proved the main disintegration factors of Temuridsan the base of historical sources such as; the separation of lands in suyurgals, tarhans between the sons of Temurids beys and emirs that mode negative influence on political processes in the country.
Key words: Landed property, landed relation forms of property, suyurgal (lands being given to Temurids’ relatives from sitateproperty), tarhon (lands being giver to emirs, beys, officials of palace), vacuf property (of masques and sheikhs), state property and private landed property.
Темурийлар даврида давлатнинг иқтисодий ҳаётида ер эгалигиасосий ўринни тутган бўлиб, бу даврда ҳам, аввалги даврларда бўлганидек, бутун XV аср давомида Мовароуннаҳр ва Хуросонда ер ва мулкчиликнинг асосан тўрт шакли: “мулки девоний” - давлат ерлари, “мулкий”–хусусий ерлар, “мулки вақф” - мадраса ва бошқа диний идоралар тасарруфидаги ерлар ва ниҳоят “ жамоа ерлари” бўлган. Деҳқончилик ерларининг катта қисми давлат мулки ҳисобланган. Бу ерларга аввалгидек мамлакат ҳукмдори - султон ёки амирлар эгалик қилган. Темурийлар даврида ҳам давлат ерларини суюрғол тарзида инъом қилиш кенг тарқалган.
Суюрғол ерлари майдони, шарти ҳамда ер ва ёрлиққа эга бўлган шахсларнинг табақаси жиҳатидан турлича бўлган. Одатда, шаҳар ёки вилоятлардан тортиб, то алоҳида қишлоққача суюрғол шаклида инъом этилган. Бутун бир шаҳар ёки вилоятлар кўпинча ҳукмрон сулола намояндалари ёки йирик ҳарбий ва давлат мансабдорларига берилган. Бундай суюрғол ер ва мулклар кўпинча авлоддан-авлодга мерос бўлиб қолган. Суюрғол эгасига ўз суюрғоли доирасида амалдорлар тайинлаш, солиқлар ва турли тўловларни тўплаш ҳамда айбдорларни жазолаш ҳуқуқи берилган. Шоҳрух даврида Хоразм – Шоҳмаликнинг; Фарғона – Мирзо Аҳмаднинг; Тус, Машҳад, Обивард, Нисони ўз ичига олган Хуросон – Бойсунғур Мирзонинг; Қобул, Ғазна ва Қандаҳор вилоятлари Мирзо Қайду Баҳодирнинг суюрғоли эди. Суюрғол ёрлиғига эга бўлган вилоят ҳукмдорлари марказий ҳокимиятга фақат номигагина қарам бўлиб, одатда, улар деярли мустақил эди.
Суюрғол эгалари тобелигини кучайтириш мақсадида марказий ҳокимият баъзан улар тасарруфига ер майдонларини қисқартирар ёки уларнинг маъмурий ва адлия жиҳатидан ҳақ-ҳуқуқларини чеклаб қўяр эди. Суюрғол эгаси марказий ҳукуматга бўйсунмаган тақдирда суюрғол ҳуқуқидан маҳрум бўлар ва ҳокимият унинг вилоятини бошқа шахсга берар эди. Бўйсунмагани учун Шоҳрух 1414 йилда Мирзо Искандарни, 1415 йилда эса Мирзо Бойқарони суюрғолдан маҳрум қилган.
Темурийлар даврида майдони жиҳатдан майда ва суюрғол эгасининг ҳақ-ҳуқуқи анча-мунча чекланган суюрғол ерлари ҳам бўлган. Бундай майда суюрғол ерлари, одатда, хизмат кўрсатган кичик мансабдаги ҳарбийлардан тортиб, олий ҳукмдорнинг гвардиясидаги мунтазам қўшинларигача берилган. Бобурнинг ёзишича, Султон Ҳусайн Бойқаронинг 14 минглик гвардияси ва 40 минглик мунтазам қўшини (ғул)нинг ҳар бир аскарига 80 жариб, яъни 40 танобдан ер берилган. Навкарларга берилган бу ерлардан ҳам мутлақо солиқ ва тўловлар олинмаган.
Деҳқончилик майдонларининг бошқа каттагина қисми мулк мақомидаги хусусий ерлардан иборат эди. Шубҳасиз, йирик мулкдорларнинг катта ер майдонлари ҳам, хусусий мулк ерлари қаторига кирган. Мулк ерларининг катта қисми маъмурий, ҳарбий ва диний арбобларнинг тасарруфида бўлган. Масалан, энг йирик мулкдорлардан Хўжа Аҳрорнинг 1300 га яқин ер-мулки бор эди. Бу мулкларнинг 300 қўшга тенг бўлган.
Бу даврда ҳукмдор томонидан йирик мулк эгаларига бирон хизмати учун тархонлик ёрлиғи бериш урф бўлган. Тархонлик ёрлиғини олган мулкдорлар барча солиқ, тўлоқ ва мажбуриятлардан озод қилинган. Тархонлик ёрлиғи, одатда, амир, бек, сарой амалдорлари, сайидлар ва бошқа юқори табақа вакилларига берилган. Бундай ёрлиқни олишга муяссар бўлган мулкдор исмига “тархон” сўзи қўшиб айтилган. Тархонлар кўпчилиги жуда бой бўлган. Масалан, бу даврда Хирот атрофидаги мулклар Дарвешали Тархон, Самарқанд ва Бухоро атрофидаги катта ер майдонлари Абуали Тархон қўлида эди. Бобур Абуали Тархоннинг шоҳона ҳаётини тасвирлар экан, унинг ҳашаматли саройи, хизматида уч минг кишидан иборат хизматкору навкарлари, ўтказган дабдабали тўй-томошалари, берган қимматбаҳо совға-саломлари, халққа қилган жабр-зулмлари тўғрисида ёзади.
Темурийлар ҳукмронлигининг сўнгги даврида Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз ва бошқа вилоятларнинг деҳқонларидан ҳамда шаҳар аҳолисидан йиғиладиган давлат даромадларининг анчагина қисми тархонлар қўлида эди. Мовароуннаҳрда улар катта иқтисодий базага эга бўлган. Мамлакатнинг сиёсий ҳаётида ҳам тархонларнинг нуфузли кучли бўлиб, катта сиёсий ҳуқуқдан фойдаланар эдилар. Ҳатто ўзаро низо жанжаллар вақтида тархоннинг қўллаб-қувватлаши бирорта вилоят ҳокимининг тақдирини белгилашда баъзан ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган.
XV асрда ҳам аввалги даврлардагидек катта ер майдонлари ва суғориш тармоқлари, шунингдек кўплаб дўкон, корхона, обижувоз, бозор, карвонсаройлар, масжид, мадраса, хонақоҳ, мақбара ва мозорларга бириктирилиб, улар мулки вақф деб аталган. Темурийлар даврида ҳам Мовароуннаҳр ва Хуросонда кўплаб масжид, мадраса, хонақоҳ, мақбара ва шифохоналар бино қилиниб, уларнинг барчаси вақф мулкига эга эди. Вақф мулкларидан тушган даромад масжид, мадраса, шифохона ва хонақоҳларнинг таъмири, жиҳози, шунингдек мутавалли, мударрис, табиб ва талабаларга бериладиган нафақалар ҳамда лангархона (мусофирхона) ва шифохоналарнинг кундалик харжлари (озиқ-овқат, ёқилғи ва ёритқичлари) учун сарф этилган.
Бу даврда деҳқончилик ерларининг маълум бир кичикроқ қисми қишлоқ аҳолисининг умумий тасарруфида бўлган. Бундай ерлар қишлоқ тўплари ёки жамоаларининг мулки ҳисобланган. Жамоа ерлари мулкчиликнинг қадимий турларидан бўлиб, улар кўпроқ тоғ олди ноҳияларнинг сувга муҳтож жойларида кенг тарқалган. Бундай жамоа мулкчилиги, одатда, тоғ жилғаларининг суви жамғарилган ёки ер ости сувларини юзага чиқариш учун қишлоқ жамоаларининг кучи билан барпо этилган машаққатли ва мураккаб сув иншоотлари – кулфакли ҳовузлар (майда сув омборлари) ва коризлар воситасида ўзлаштирилган ерларда вужудга келган. Кўпчиликнинг иштироки ва маблағи билан барпо этилган суғориш иншоотлари ва улар воситасида ўзлаштирилган ерлар жамоа мулкига айланган. Мулкчиликнинг бундай тури Темурийлар ҳукмронлиги даврида унчалик кенг тарқалмаган бўлса-да, ҳар қалай мавжуд эди.
XV асрда Мовароуннаҳр ва Хуросонда ер эгаларини деҳқон, экин майдонларига ишлов берувчиларни эса музорий (зироатчи) деб юритилган. Зироатчилар қишлоқнинг меҳнаткаш табақасига мансуб бўлиб, улар тўрт гуруҳга бўлинган: 1) давлат ерлари (девон мулки) да яшовчи музорийлар; 2) мулкдорларнинг ерларини ишловчи музорийлар; 3) ўз ерига эга бўлган зироатчилар; 4) вақф мулкларида яшовчи музорийлар.
Музорий давлат ёки вақф ерларида ҳам, тархон ёки суюрғол эгалари каби йирик мулкдорларнинг ерларида ҳам ёлланма зироатчи бўлиб, деҳқончилик қилган. Уларнинг ҳосилдан оладиган ҳиссаси ер эгаларининг ердан ташқари, уруғлик, омоч, ҳўкиз, от ва арава кабиларни берганига қараб белгиланган. Қандай ерда деҳқончилик қилишидан қатъий назар музорий ҳамма вақт солиқларни тўлар ва мажбуриятларни ўтар эди.
Деҳқончилик ерларидан олинадиган асосий солиқ ҳирож (ёки мол) деб аталган. Хирож, асосан ҳосил етилиб,уни йиғиб олиш вақтларида маҳсулот, баъзан пул ҳолида тўланган. Солиқ ҳосилга ва ернинг унумдорлиги ҳамда сув билан таъминланганлигига қараб белгиланган. Жумладан, дарё, булоқ ва кориз сувлари билан суғориладиган обикор ерлардан хирож ҳосилнинг учдан бир қисми миқдорида олинган.
Агар ҳосилнинг чўғи пастроқ бўлса, хирож тўққиздан икки, яъни 22% миқдорида тўланган. Лалмикор ерларнинг унумдорлиги обикор ерларга нисбатан паст бўлгани учун, лалмикорлик билан машғул бўлган музорийлар умумий ҳосилнинг олтидан бир, яъни 16,5 % миқдорида солиқ тўлаганлар.
Амир Темурнинг баъзи бир ворислари унинг даврида жорий этилган солиқ миқдори ва тўлов тартибини бузмасликка, суиистеъмолликни олдини олишга ҳаракат қилганлар. Тартибга риоя қилмаган айрим маъмурларни жазога тортганлар.
Хулоса қилганда, Соҳибқирон Амир Темур давридаги ер эгалиги темурийлар даврида ҳам давом этди. Бу мулк шакллари мамлакат иқтисодини кўтаришда муҳим омил бўлиб қолди. Лекин ерларни шахзодалар ўртасида суюрғол қилиб тақсимланиши, давлатнинг сиёсий жараёнларига салбий таъсир қилдики, бу Соҳибқирон Амир Темур давлатининг инқирозини темурийлар даврида, кучайишига олиб келди.
Фойдаланилган адабиётлар