Аннотация: В этой статье рассматривается художественные особенности поздних романов Стивена Кинга и изучается его влияние на узбекскую научную фантастику.
Ключевые слова: научная фантастика, жанр, чудеса.
Filologiya fanlari
УДК 17.51
Usmonova Zarina Habibovna
Ingliz tili va adabiyoti kafedrasi o`qituvchisi
Buxoro davlat universiteti
Усмонова Зарина Хабибовна
Преподаватель кафедры английского языка и литературы
Бухарский государственный университет
Usmonova Zarina Habibovna
Teacher of the department of English language and literature
Bukhara State University
STIVEN KING ROMANLARINING BADIIY XUSUSIYATI VA UNING O’ZBEK ILMIY FANTASTIKASIGA TA’SIRI
ХУДОЖЕСТВЕННЫЕ ОСОБЕННОСТИ РОМАНОВ СТИВЕНА КИНГА И ЕГО ВЛИЯНИЕ НА УЗБЕКСКУЮ НАУЧНУЮ ФАНТАСТИКУ
LITERARY PECULIARITY OF STIVEN KING’S NOVELS AND THE INFLUENCE OF IT TO UZBEK SCIENTIFIC FANTASY
Annotatsiya: Ushbu maqola Stiven King romanlarining badiiy xususiyati va uning o’zbek ilmiy fantastikasiga ta’siriga bag’ishlangan.
Kalit so`zlar:ilmiy fantastika, janr, mo’jiza.
Аннотация: В этой статье рассматривается художественные особенности поздних романов Стивена Кинга и изучается его влияние на узбекскую научную фантастику.
Ключевые слова: научная фантастика, жанр, чудеса.
Summary: The article discusses the literary peculiarity of Stiven King’s novels and the influence of it to Uzbek scientific fantasy.
Key words: scientific fantasy, genre, miracle.
Стивен Кинг ўз асарларида инсониятни қадим-қадимдан ташвишлантириб келган муаммолар: Эзгулик ва Ёвузлик ўртасидаги, Ёруғлик ва Зулмат ўртасидаги кураш ҳақида ҳикоя қилади. Бунинг учун у ўзи учун энг қулай жанр – илмий фантастика жанрини танлайди. Айнан шу жанр адиб асарларининг муваффақиятини таъминлайди.
Ўзбек бадиий адабиётида фантастика унсурлари қадимдан мавжуд бўлганлигини эътироф этган ҳолда (А.Навоийнинг машҳур «Хамса» асарида тилга олинган ғаройиботлар, ўзбек халқ оғзаки ижодидаги учар гиламлар, ойнаи жаҳонлар ва ҳ.к.з.) шуни тан олиш керакки, ҳақиқий илмий фантастика жанри ўзбек адабиётида ХХ асрдагина, ва айниқса, унинг иккинчи ярмида пайдо бўлди.
Бугунги кунда ўзбек адабиётида илмий фантастика жанрида кўплаб адиблар қалам тебратмоқдалар. Уларнинг ичида энг танилганлари Ҳожиакбар Шайхов ва Рустам Обидовлардир. Агар Ҳожиакбар Шайхов ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб адабиётга кириб келган ва бугунги кунга келиб қатор илмий-фантастик романларини эълон қилган бўлса, Рустам Обидов асосан кичик жанрдаги асарлари билан машҳур.
Юқорида кўриб чиққанимиздек, Стивен Кингнинг «Ўлик минтақа» романида Эзгулик ва Ёвузлик ўртасидаги мураккаб кураш ҳақида ҳикоя қилинади. Асарда Эзгулик унинг бош қаҳрамони Жони Смит тимсолида намоён бўлса, Ёвузлик Грэг Стилсон образида мужассамлашгандир.
Хью Пирс Лонг Ст. Кингнинг «Ўлик минтақа» романидаги Грэг Стилсон образининг прототипи бўлиб хизмат қилган. Грэг Стилсон образи ҳаётдан олинганлигини биз мазкур тадқиқотимизнинг биринчи боб, иккинчи фаслида келтирган асар муаллифининг интервьюси ҳам тасдиқлайди:
«Мен «Ўлик минтақани» ёзаётган пайтимда бизнинг Мэн штатимизда бир губернатор бор эди, - дея ҳикоя қилган эди у ўзининг интервьюсида. – У мустақил депутат сифатида сайланган эди. Яъни у ҳеч қандай партияга мансуб эмасди... Бир куни ушбу шахс «Ҳали мен сизларга нималарга қодир эканлигимни кўрсатаман», дея ажабтовур ваъдалар қилди. – Фақат гапларимга қулоқ солинглар. Мени губернатор этиб сайланглар. Ҳамма ишни қойилмақом қиламан.» Халқҳам унга ишонди. Ана шунда мен «Агар шундай одам президент бўлиб қолса нима бўлади?», деб ўйлаб қолдим.»[Литературная газета, 29 август 1994]
Ўзбек адиби Ҳожиакбар Шайховнинг «Телба дунё» романида ҳам айнан шу Эзгулик ва Ёвузлик ҳақида сўз боради.
Асарда тасвирланган воқеалар Коинотнинг турли юлдуз системаларида рўй беради: ўз фаолиятини Қуёш системасининг Ер планетасидан бошлаган қаҳрамонлар бизнинг галактикамиздан тортиб, коинотнинг энг бурчак-бурчакларидаги галактикаларгача бориб келишади: барча жойда ҳам Эзгулик ва Ёвузлик ўртасидаги кураш давом этади:
Асар қаҳрамонларидан бири Ҳаким Амир Шайх бу ҳақида шундай дейди:
«-Ерда, нафақат Ерда, бутун коинотда олий тафаккур эгалари пайдо бўлган даврдан буён эзгулик ва ёвузлик ўртасида муросасиз кураш боради. Азалий бу тушунчалар абадийми? Эзгулик одамзод билан бирга абадий яшайверса, нур устига нур. Лекин ёвузлик-чи?» [Шайхов Х. Телба дунё. Шарқ юлдузи, 1990 й., № 2, 99-бет]
Асарнинг бош қаҳрамонларидан бири Самандар Амир Шайхнинг бу саволига савол билан жавоб беради:
«-Агар ёвузлик йўқолиб кетса, эзгуликнинг қадрини белгилаш мумкин бўлармикан?» [Ўша жойда]
Агар Стивен Кингнинг асарларида, жумладан «Ўлик минтақа» романида, Эзгулик ва Ёвузлик ўртасидаги кураш фақат Ердагина рўй берса, Ҳожиакбар Шайхов бу муаммони Коинот масштабига олиб чиқади, ўзбек ёзувчисининг асарларида, хусусан «Телба дунё» романида, бу кураш турли галактикаларда рўй беради, унда турли қиёфалардаги онгли тафаккур эгалари иштирок этадилар.
Ҳожиакбар Шайховнинг қаҳрамонлари ҳам Стивен Кингнинг қаҳрамонлари каби телепатия, телекинез ва телепортация каби турли ғайриоддий қобилиятлар эгалари. Бироқ, Ст. Кингнинг «Ўлик минтақа» романининг қаҳрамони Жони Смитдан фарқли ўлароқ, улар ўзларининг шу қобилиятларидан Эзгулик йўлида эмас, Ёвузлик йўлида фойдаланадилар. Ёвузлик бўлганида ҳам фақат Ерда эмас, бутун Коинот масштабида.
«Телба дунё» романининг қаҳрамонларидан бири, кучли қобилиятлар эгаси Ҳаким Амир Шайх Ер планетасидаги қийинчиликка тушиб қолган Нуристон давлатининг подшоҳи Муҳаммад Кабир Нодиршоҳга ёрдам бериш мақсадида унга телепортация қобилиятини инъом этади. Самандарнинг эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги муносабат ҳақидаги саволига Ҳаким Амир Шайх қуйидагича жавоб беради:
«-Бу саволларга жавоб топиш учун биз ушбу тушунчаларнинг илдизини ўрганишимиз, асил моҳиятини билишимиз керак. Айтайлик, қирол Ҳошнаҳаш – коинот миқёсидаги ёвузлик ва тубанлик тимсоли. Лекин у ана шундай тимсол сифатида қандай шароитда майдонга чиқди? Қандай ички ва ижтимоий сабаблар уни йирик жиноятчи сифатида шакллантирди?»[Шайхов Х. Телба дунё. Шарқ юлдузи, 1990 й., № 2, 99-бет]
Ва у бу саволга жавоб топишга интилади. Ҳаким Амир Шайхнинг виждон, виждон эркинлиги ва ўз шахсий манфаатларини ўйлаб виждон қулига айланган одамлар ҳақидаги гапидан сўнг Самандар шундай хулосага келади:
«- Демак, ҳар қандай ёвузлик замирида шахсий манфаат, яъни бизнинг мисолимизда, бойлик ва амалга ружу қўйиш ётар экан-да?».[ Ўша жойда, 105-бет]
Самандарнинг бу сўроғига Ҳаким Амир Шайх қуйидагича жавоб беради:
«-Балли, ўғлим. Лекин гап шундаки, шахсий манфаат замирида яна жуда кўп нарсалар ётиши мумкин. Ўз манфаатига муккасидан кетган одам учун муқаддас нарсанинг ўзи бўлмайди. У ўз мақсади йўлида ҳар қандай ёвузликдан ҳам тоймайди. Қирол Ҳошнаҳаш ҳам худди ана шу...».
Ер сайёрасилик фазогир, бутун коинотда эзгулик ва адолат учун курашувчилардан бири бўлмиш Самандар тақдир тақозоси билан ёвуз нсонлардан бири Муҳаммад Кабир Нодиршоҳнинг ўғли бўлиб чиқади. Бу ёвуз инсон ўз пуштикамаридан бўлган ўғлини гўдаклигида сувга чўктирмоқчи бўлган. Бироқ Самандарни Она Бургут асраб қолиб, Ота Бургут билан бирга тарбиялаб вояга етказган. Лекин Муҳаммад Кабир Нодиршиҳ бундан бехабар. У ўғлини ўлган, деб ўйлайди. Мана энди тақдир тақозоси билан Самандар қирол Ҳошнаҳашни бартараф қилишдан олдин ўз отасига қарши курашиши керак:
«-Демак, мен Икс галактикасида қирол Ҳошнаҳашга эмас, балки ўз отамга ҳам қарши курашишим керак экан-да?
«-Шундай бўлиб чиқади, - деди авлиё вазмин оҳангда шогирдига синчков тикиларкан. – Тарихда шунақа ҳоллар ҳам юз берган».[ Шайхов Х. Телба дунё. Шарқ юлдузи, 1990 й., № 2, 107-бет]
Стивен Кингнинг «Ўлик минтақа»си бош қаҳрамони Жони Смит каби Самандар ҳам ғаройиб қобилиятлар эгаси, кучли қудрат соҳиби: у сувда чўкмайди, ўтда ёнмайди:
«Шу пайт тўртта маймунсимон махлуқ Самандарни хивичлардан озод қилиб ерга туширишди-да, кўтариб олиб, ҳалиги дорсимон қурилмага худди қўйдек оёқ-қўлларини боғлаб осиб қўйишди. Бошқа икки махлуқ йигитнинг тагига қуриган хас-хашак ташлаб, икки оппоқ чақмоқ тош ёрдамида ўт олдириб юборди. Бир неча фурсатдан кейин гуриллаб ёна бошлаган аланганинг узун ва қип-қизил тиллари чалқанчасига «дор»га тортилган Самандарнинг бутун вужудини ўраб-чирмаб олди. Йигитни кўз очиргани қўймай ловуллаб, жавлон ура бошлади... Деярли ёниб бўлган аланга устидан шошилмай ўрнидан туриб, эгни-бошини қоқа бошлаган Самандарни кўрган маймунсимонларнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди.»[ Ўша жойда, 123-бет]
Юқорида кўриб чиққанимиздек, Ҳожиакбар Шайховнинг «Телба дунё» асари Стивен Кингнинг қатор асарларига ўхшаб кетади. Бу ўхшашлик айниқса Стивен Кингнинг «Ўлик минтақа» романи билан таққосланганда яққол кўзга ташланади. «Ўлик минтақа»нинг бош қаҳрамони Жони Смит телепатик, экстрасенсор қобилиятга эга. У ўзининг бу қобилиятини фақат эзгулик йўлида сарфлайди: ёш-йигит қизларни ўлимдан сақлаб қолади, қотилликларни фош этади, йўқолган болаларни топади ва ҳ.к.з. Аммо, у ўзининг бу ғаройиб қобилиятидан ўз шахсий манфаати учун ҳам, бошқаларнинг шахсий манфаати учун ҳам фойдаланишдан бош тортади. Ёвузликнинг олдини олишда шу қобилияти ожиз бўлиб қолганда эса, ўз ҳаётини қурбон қилиб бўлса-да, Эзгуликка интилади.
Ҳожиакбар Шайховнинг «Телба дунё»сидаги қаҳрамонлар ҳам Жони Смитдек қобилиятларга эгалар. Бироқ Жонидан фарқли ўлароқ уларнинг барчаси ҳам ўзларининг бу қобилиятларидан фақат Эзгулик учунгина фойдаланишмайди. Жумладан, агар Ҳаким Амир Шайх, Самандар ва уларнинг бошқа дўстлари Эзгулик учун, умумкоинот манфаатлари учун курашишса, Муҳаммад Кабир Нодиршоҳ ва Ҳашнаҳаш ўзларининг телепатик ва экстрапортация қобилиятларидан фақат шахсий манфаатлари учун, нафақат Ер сайёрасида, балки бутун коинотда ҳукмдорлик қилиш учун фойдаланишади.
Стивен Кингнинг ўзбек илмий фантастикасига, жумладан Ҳожиакбар Шайхов ижодига таъсири масаласига келсак, шуни таъкидлаш мумкинки, Стивен Кингнинг «Ўлик минтақа» романи Америкада 1979 йилда эълон қилинган. Ҳожиакбар Шайховнинг «Телба дунё» асари эса илк марта ўзбек тилида 1990 йил «Шарқ юлдузи» журналининг №1 ва №2 сонларида босилган, 1992 йилда эса алоҳида китоб ҳолида чоп этилган. Стивен Кингнинг романи рус тилида илк марта айнан мана шу 1990 йилда босиб чиқарилган. Ҳожиакбар Шайхов Стивен Кингнинг «Ўлик минтақа» асарини ўқиб, ундан таъсирланиб «Телба дунё»ни яратган, деб бир томонлама қатъий хулоса чиқариш ҳам нотўғри бўларди. Бироқ, Ҳожиакбар Шайхов кўп нарсаларни америкалик адибдан ўрганганлиги юқорида келтирилган мисоллардан кўриниб турибди.
Фойдаланилган адабиётлар