Аннотация: В статье рассматриваются поэзии “пастурелла” периода Возрождения в Английской литературе и отображение этой тематики в творчестве поэтов мировой литератуы.
Ключевые слова: ренессанс, пастурелла, эклог, элегия, природа, грустная песня, песня пастуха, хвалебная песня.
Филология фанлари
УДК 17.51
Назарова Гулбаҳор Пирмановна
Инглиз тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси
Бухоро давлат университети
Умурова Хушвақт Ҳакимовна
Инглиз тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси
Бухоро давлат университети
ИНГЛИЗ УЙҒОНИШ ДАВРИ ПАСТОРАЛ ШЕЪРИЯТИ
ПОЭЗИЯ “ПАСТУРЕЛЛА” ПЕРИОДА ВОЗРОЖДЕНИЯ В АНГЛИЙСКОЙ ЛИТЕРАТУРЕ
“PASTORAL” POEMS IN ENGLISH LITERATURE OF THE RENAISSANCE PERIOD
Аннотация: Мақолада инглиз уйғониш даври “пасторал” шеърларининг мавзу мундарижаси ҳамда унинг жаҳон адабиёти намояндалари ижодида акс этиши ҳақида сўз юритилган.
Таянч сўзлар: уйғониш даври, пастораллар, эклоглар, элегия, табиат, мунгли қўшиқ, чўпон қўшиғи, мадҳия.
Аннотация: В статье рассматриваются поэзии “пастурелла” периода Возрождения в Английской литературе и отображение этой тематики в творчестве поэтов мировой литератуы.
Ключевые слова: ренессанс, пастурелла, эклог, элегия, природа, грустная песня, песня пастуха, хвалебная песня.
Annotation: The article discusses “pastoral” poems in English literature of the Renaissance period and reflection of this theme in the poetry of poets of the world literature.
Keywords: renaissance, pastorals, eclogues, elegy, nature, sad songs, shepherd’s song, song of praise.
Пастораллар адабиётда шеърий жанр бўлиб, қишлоқ ҳаётинининг табиийлиги ва беғуборлигини шаҳар ҳамда саройдаги аҳлоқсизлик, сохта ҳаётнинг акси сифатида тасвирлашдир. Пастораллар чўпон ёки қишлоқлик киши нуқтаи назаридан ёзилган бўлишига қарамай, улар ҳар доим илғор фикрли шаҳарлик шоирлар қаламига мансуб бўлган. Пасторалларнинг асосий мавзуий мундарижаси табиат ва санъат, реаллик ва идеаллик, ҳақиқийлик ва афсона ўртасидаги зиддиятлардан иборат. Инглиз пастораллари анъанавий бўлишига қарамай, унда ўша давр инглиз адабиёти, яъни, уйғониш даври шеърияти элементларидан инсонпарварлик, тантиқлик, хушомадгўйлик, ҳақиқий ҳаёт қайғуси сатира ва ҳажв ёрдамида акс эттирилганлигини кузатиш мумкин. Пасторалларнинг асосий мавзуий таркибини қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин: ишқ, ўлим, сиёсатни масхара қилувчи ва қишлоқ ҳаётини таърифлаш мазмунидаги шеърлар. Чўпонлар муҳаббат қўшиғини куйлаш билан бирга бу дунёни тарк этган қишлоқдоши хотирасига бағишловлар яратган.
Пасторализм инглиз адабиётида ўн олтинчи асрнинг ўрталаридан ўн еттинчи асрнинг ўрталаригача муҳим рол ўйнади. Инглиз пастораллари Италия ва Испания мумтоз адабий намуналарига тақлидан яратилиши билан бирга, қадимги пастораллар, яъни, халқ оғзаки ижодидаги худоларни шарафловчи маросимларда куйланадиган қўшиқлардан ҳам нусха олинган. Дастлабки пасторал намуналардан бири Идилс бўлиб, Теокритус томонидан эрамизнинг учинчи асрида ёзилган. Теокритуснинг пасторал шеърий намуналари кейинчалик яратилган пастораллар элементларини, яъни, қишлоқ ҳаётининг роҳатбахшлигини тасвирлаш, экспромт қўшиқлар мусобақасида қатнашиш, эртаклар, суюкли кишисидан ажралиб, қайғуриш ва ўлганларни ёд этиш кабиларни ўз ичига олган. Унинг пасторалларида асосий қаҳрамон Дафнис ва Амариллислар ҳисобланган.
Эрамизнинг биринчи асрига келиб Рим шоири Виржил ўзининг Эклоглар асарида пасторал усулни қўллаб, ўзининг шеъриятида афсонавий ва сиёсий нуқтаи назарини киритди ҳамда реаллик ва идеаллик ўртасидаги зиддиятни тортинчоқлик билан қишлоқ урф-одатларини тасвирлаш услубини киритди. Ўрта асрлар давомида жуда кам пастораллар ёзилди, аммо унинг шакли Итальян уйғониш даври гуманистлари Петрарка, Боккачио ижодида муҳим рол ўйнади. Илк драма услубида яратилган пастораллардан Политианнинг Орфео драмаси 1471 йилда Мантуа саройида саҳнага қўйилди. Бундан ташқари, Торкуато Тассонинг Aminta (1573) ва Жиованни Жуаринининг Pastor Fido (1590) драмалари илк пасторал намуналардир. Ўн олтинчи асрда Италияда яратилган пастораллардан Жакопо Санназзаронинг Arcadia (1504) асари ҳисобланади. Пастораллар Португалиялик шоирлар Жил Виченти ва испан шоири Хуан дел Энкина, Мигел де Сервантес Сааведра ва бошқалар шеъриятида гуллаб яшнади.
Инглиз шоирлари Александр Барклей ва Барнейб Гюг ўн олтинчи асрнинг биринчи ўн йиллигида ижод этган шоирлар бўлиб, лотин эклоглари шаклидан фойдаланганлар. Ҳақиқий пасторал намуналардан биринчи бўлиб “Чўпон Тақвими” (The Shepheardes Calender) инглиз шоири Эдмунд Спенсер томонидан яратилган. Спенсер ўзининг пасторалларида Теокритус, Виржил, Мантуан ва Санназзаро услубларини қўллаб, йилнинг ҳар бир ойига атаб ўн икки эклогни яратди. Бунда шоир ўз даврининг сиёсий ва диний шахсларини, мулозаматлар дунёсининг сохталигини моҳирона тасвирлаб, масхара қилди. Шеърда реал ҳаракатлар ёки воқеалар ривожи кучли бўлмасада, Спенсернинг асосий қаҳрамонлари, яъни, чўпонлари турли хил мавзуларни мушоҳада этиши орқали ва ранго-ранг шеърий шакллардан ҳисобланган ишқий шикоятлар, масаллар, куй орқали музокаралар, дафн маросимида куйланадиган мунгли қўшиқлар, худога аталган мадҳиялардан фойдаланганлиги шеърнинг қизиқарлилигини сақлаб қолган. Бундан ташқари Спенсер ўзининг “Чўпон Тақвими” пасторалида анъанавий услубга янгилик сифатида турлича шеърий вазн ва сиёсий масалаларни тасвирлашда аллегориядан фойдаланди. Спенсернинг бошқа пасторал намуналаридан “Колин Клаутс Яна Уйга Қайтади” (Colin Clouts Come Home Againe, 1595), шеърий асари бўлиб, унда шоир Лондонга саёҳати ва сарой ҳаётини аллегория усулида тасвирлайди. 1596 йилда эса ўзининг тугатилмаган шоҳ асари “Афсонавий Қиролича” (The Faerie Queene)ни яратди.
Пастораллар яратишда яна бир таниқли инглиз шоирлари Сидней ҳам ўз ҳиссасини қўшди. Унинг “Аркадиа” (Arcadia) асари аралаш усулдаги романтик шеърлардан ташкил топган бўлиб, унда шоир пастораллар орқали мулозаматлар дунёсини ва ишқий муносабатларни нутқини безаган ҳолда тасвирлайди. Унда икки шаҳзода Аркадиага ўз муҳаббатларини топиш дардида йўлга отланишади ва икки маликани учратиб, уларни севиб, турмуш қуришади. Йўл бўйлаб эса, бу икки шаҳзода чўпонлардек кийинишади ва кўп вақтларини шу ниқоб остида ўтказишади. Бу шеърий тўпламдаги асосий мавзу ҳаётий муҳим воқеалар ва маъсулият қаршисида ишқ ва хаёл, яъни, анъанавий пасторал мотивдир. Яна маълум мавзулардан бири афсонавий “олтин аср” тушунчаси ҳам бу шеърий асарда ўз аксини топган. Бошқа уйғониш даври пастораллари билан бирга, “Аркадиа”да ҳам илғор фикрлар, қишлоқона, оддий характерда, шу тахлитда, мураккаб фикрларни соддалаштирган ва инсон табиатни умумбашарийлигини таъкидлаган ҳолда илгари сурилди.
Ренесанс даврида пасторал яратган шоирлар асосан лирик шоирлар ва драматурглар бўлган. Шулардан энг машҳур лирик шоирлар Уолтер Ралей, Кристофер Марлоу, Уильям Броун, Ричард Барнфилд, Жорж Визер ва Майкл Драйтонлар бўлиб, улар ўз шеърларида Спенсер яратган эклоглардан нусха олишган.
Пастораллар мавзуси Элизабет даври драмаларида ҳам машҳур бўлган. Улар асосан актёрлар ниқоб кийган ҳолда мусиқа ва рақслардан ташкил топган драматик кўринишлар сифатида бўлган. Масалан, Сиднейнинг “Май хоними” (Lady of May) пьесаси, Шекспирнинг “Сен истаганингдек” (As You Like It), “Қиш эртаги” (The Winter's Tale) пьесаси шулар жумласидандир. Бен Жонсоннинг “Мунгли Чўпон” (Sad Shepherd) шеърида тижорат ва кашфиётлар асридага моддий ҳаёт билан шаҳар чеккасидаги жаннатмакон жойларнинг беқиёс гўзаллигини тасвирлаш мушкуллигини англаш мумкин. Ренессанс даврининг кўпчилик лирик шоирлари ўз шеърларида пасторал мавзуда ёзишдан узоқлашишга ҳаракат қилганлар. Баъзи шоирлар, масалан, Роберт Херрик ўзининг шеърларида қишлоқ ҳаётини ва базмларини реал мисоллар билан тасвирлаб, бу ҳаётни идеаллаштиради. Баъзи шоирлар учун эса, бу қишлоқ манзараларининг ўзгариб бораётганлиги, ерларнинг ўзлаштирилиши, яъни, ер эгаларининг четдан ишчиларни ёллаши туфайли қирларда чўпонларнинг камайиб бориши каби муаммоларни акс эттириш асосий мақсад бўлиб қолган эди. Ренессанс даврининг энг машҳур пасторал шоирлардан Жон Милтон ва Андрю Марвелллар ҳам ўз шеърларида пасторал элементлардан унумли фойдаланганлар.Масалан, Марвеллнинг “Боғ” (The Garden) ва “Ўт ўрувчи Боғларга қарши” (The Mower Against Gardens) шеърларида идеал ҳаётни қўмсаш, индивидуал уйғунликка, жисмоний паноҳ излаб табиат қўйнига интилиш каби мавзуларни ифодалайди. Милтоннинг “Лусидас” (Lycidas), “Йўқотилган Жаннат”шеърлари ҳам пасторал шеърлар намунасидир.
Инглиз адабиётида энг машҳур пастораллардан Кристофер Марлоунинг “Жўшқин чўпоннинг ўз севгисига” номли мурожаати ҳисобланади. Шеър мисралари бўйлаб шоир табиатнинг гўзаллигини тасвирлаб, шу орқали маҳбубасини кўнглини овлашга ҳаракат қилади. Масалан,
A belt of straw and ivy buds,
With coral clasps and amber studs:
And if these pleasures may thee move,
Come live with me, and be my love.
Бу мисраларда шоир печакгул ғунчаларини маржон шодасига қиёсласа, сомон толаларини эса қаҳрабога тенглаштиради. Бу гўзалликлар уни маъшуқасини ўзига мафтун эта олса, у билан бирга келиб шу жаннатмакон жойларда яшашга ундайди.
Пасторал эклог ёки монологлар таркибига элегиялар, яъни шоирнинг ҳаётида муҳим ўрин эгаллаган шахс ёки дўстининг ўлимидан қайғуриб ёзган мунгли қўшиқларни ҳам киритиш мумкин. Бунда “чўпон”, яъни, шоир бу оламдан кўз юмган дўстинининг ўлимидан қайғуриб, ўлимни ҳақоратлаб, унинг табиатга бўлган зарарини таъкидлаб ёзади. Табиат қайғуси бу ерда “жонлантирилади”. Шеър якунида шоир ўлимдан қочиб бўлмаслигини тан олиб, бир кунмас бир кун абадий ҳаёт бўлишига умид қилишини айтади. Пасторал элегиялар яратишда қуйидаги элементлар, яъни, аза тутиш маросими, мавзуий чекиниш, гул символизми, реторик саволлар, нақарот кабилардан фойдаланилган. Пасторал элегиялар яратиш ўн тўққизинчи асргача Рим ва Викториялик шоирлар томонидан давом этиб келинган. Машҳур пасторал элегиялардан Жон Милтоннинг Қирол Эдварднинг ўлимига бағишланган “Лусидас” шеъри, ва Томас Грейнинг “Қабристонга аталган мунгли қўшиқ” и ҳисобланади.
Пасторал шеърлар кейинчалик бошқа шоирлар томонидан рад этилган бўлса-да, бир асрдан кейин бу шеърият қайта Романтик шоирлар шеърларида ўз ифодасини топди.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати